Солиқ ҳисоботи ўз вақтида тақдим этилмаганда қачон жаримага тортишлари мумкин

preview

“Ташкилот 2023 йилнинг май ойи учун ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботини 6 кун кечиктириб тақдим этди. 5 ой ўтгач, солиқ органи ташкилот раҳбарига нисбатан маъмурий жаримани қўллади.

Солиқ органининг ҳаракатлари қонунийми?”

Buxgalter.uz илтимосига биноан Солиқ қўмитасининг Солиқ солиш бўйича маслаҳат бўлими бошлиғи Нилуфар АМАННИЯЗОВА тушунтиради.

 

Телеграм-каналда материалларимизни кузатиб боринг.

 

– Солиқ ҳисоботи ўз вақтида тақдим этилмаганлиги учун корхонанинг мансабдор шахсларига нисбатан БҲМнинг 10 баравари миқдорида маъмурий жарима назарда тутилган .

Маъмурий жазо ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан бошлаб 1 йилдан кечиктирмай, давом этаётган ҳуқуқбузарликлар учун эса, ҳуқуқбузарлик аниқланган кундан бошлаб 1 йилдан кечиктирмай қўлланилиши мумкин .

2023 йил май ойи учун ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботини топширишнинг сўнгги муддати 2023 йил 20 июнь ҳисобланади . Яъни, 2023 йил 21 июнь ҳуқуқбузарлик содир этилган кун ҳисобланади. Ушбу санадан бошлаб 1 йил мобайнида ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий жарима қўлланилиши мумкин.

 

Қачон ҳисоботларни ўз вақтида топширмаганлик учун жарима қўлланилмайди

Агар ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган мансабдор шахс йўл қўйилган бузилишларни ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан эътиборан 30 кунлик муддатда ихтиёрий равишда бартараф этган ва етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни бошлаш мумкин эмас, бошланган иш эса тугатилиши лозим .

Шу боис, жарима қўлланилишидан олдин мансабдор шахс худди шундай ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортилган-тортилмаганлиги текширилади. Бунда юридик шахс раҳбари томонидан айни ушбу турдаги ҳуқуқбузарлик биринчи марта содир этилган ёки ушбу турдаги ҳуқуқбузарлик учун бу раҳбар башарти маъмурий жазога тортилган бўлиб, шу жазони ўташ муддати тугаган кундан бошлаб (яъни маъмурий жарима суммаси тўлиқ ҳажмда тўланган кундан) бир йил мобайнида янги маъмурий яна ўша хилдаги ҳуқуқбузарлик содир этмаган бўлиши лозим. 

Сизнинг вазиятингизда, агар ташкилот раҳбари илгари маъмурий жавобгарликка тортилмаган деб ҳисобланса ва солиқ ҳисоботи тақдим этилганлиги ва ушбу ҳисобот бўйича солиқ суммаси пеня билан бирга 30 календарь кун мобайнида тўлиқ тўланганлиги боис, маъмурий жарима қўлланилмайди.