Текширув ўтказиш тартиби бузилганда қандай жавобгарлик келиб чиқади

preview

Тавсияда:

– сайёр текширув ўтказишдан олдин Ягона тизимга киритиладиган маълумотлар;
– Текширувларни рўйхатга олиш китобини тўлдириш тартиби;
– сайёр солиқ текширувини ўтказишда солиқ органининг мажбуриятлари;
– сайёр солиқ текшируви натижаларини расмийлаштириш;
– назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг жавобгарлиги

 

Тадбиркорлик субъекти фаолиятини назорат қилувчи органлар мансабдор шахслари томонидан текширишларни ўтказиш юзасидан қатъий талаблар қонунчиликда белгилаб қўйилган. Мазкур  тартиб-қоидаларга риоя қилинмаса, тадбиркорларнинг интилиши, эмин-эркин фаолият юритиши ишбилармонлик муҳитига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Вазият

Бизнес-омбудсман девони Андижон шаҳрида “Sharq durdonasi” МЧЖ (номи ўзгартирилган) солиқ органларининг текшириш ўтказиш билан боғлиқ хатти-ҳаракатларидан норозилик мурожаатини ўрганган. Андижон  шаҳар, Қўрғонтепа, Улуғнор ва Жалақудуқ туман солиқ инспекциялари мансабдор шахслари 2022-2023 йилларда тадбиркорлик субъектида 4 та текшириш ўтказган.

Солиқ органи ходимининг сайёр текширув ўтказилиши ҳақида Ваколатли органни хабардор қилиб, тадбиркорлик субъектида даб-дурустдан текширув бошлаши учун асоси етарли бўлганми?

Етарли бўлмаган, албатта. Дарҳақиқат, сайёр солиқ текшируви Ваколатли органни хабардор қилган ҳолда ўтказилиши қонунчиликда белгиланган. Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширувлар РЎЙХАТИда  “Сайёр солиқ текширувларини ўтказиш” бўйича назорат қилувчи орган сифатида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси кўрсатилган .

 

Текширишларга оид  қонун ҳужжатларига риоя қилиниши лозим бўлган тартиб-қоидаларни кетма-кетликда кўриб чиқамиз.

Эътибор беринг
Сайёр солиқ текширувларини 10 кундан ошмаган муддатда ўтказиш мумкин .

 

Сайёр солиқ текширувини ўтказишда солиқ органининг мажбуриятлари

Ваколатли органни хабардор этган ҳолда текширувларни ўтказишдан олдин Ахборот тизимига қуйидаги маълумотлар киритилади:

  • текширув ўтказадиган назорат қилувчи органнинг номи;
  • текширув ўтказиладиган тадбиркорлик субъектининг номи (филиали ёки шохобчаси), солиқ тўловчининг идентификация рақами ёки жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами, ИФУТ коди ва манзили;
  • текширув ўтказиш учун асос (ишончли маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатлар ёки текширув ўтказиш юзасидан тасдиқланган график);
  • талаблари бузилиши мумкин бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат тўғрисидаги маълумот;
  • текширув ўтказиш муддати;
  • текширув предмети;
  • текшириладиган фаолият даври;
  • текширув ўтказиш тўғрисида буйруқ (қарор, фармойиш).

Текширув предмети талаблари текшириладиган фаолиятга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тўла мос бўлиши шарт .

Эътибор беринг

Рўйхатда назарда тутилган айрим текширувлар улар бошлангандан сўнг 24 соат ичида назорат қилувчи органлар томонидан ушбу бандда кўрсатилган маълумотларни Ахборот тизимига киритиш орқали рўйхатга олинади .

Назорат қилувчи органнинг хабардор этиш тартибида ўтказиладиган (сайёр солиқ) текшируви тўғрисидаги буйруғи, шунингдек ишончли маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатлар ёки текширув ўтказиш юзасидан тасдиқланган график Ягона тизимга киритилгандан сўнг текширув амалга оширилади .

 

Омбудсман ўрганишида эса солиқ органи томонидан текширув ўтказиш тўғрисидаги буйруқ, шунингдек ишончли маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатлар ёки текширув ўтказиш юзасидан тасдиқланган график Ягона тизимга киритилмасдан текширув ўтказилгани маълум бўлган.

Назорат қилувчи органнинг масъул ходимлари текширув бошланишидан олдин тадбиркорлик субъекти раҳбарини (раҳбар вазифасини бажарувчи шахсни) текширув мақсади билан таништиради, унга ўз хизмат гувоҳномаси ва текширув ўтказиш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномани кўрсатади, текширувни ўтказишга асос бўлган ҳужжатлар (текширув ўтказиш келишилганлиги ёки ваколатли орган текширув ҳақида хабардор этилганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси, назорат қилувчи органнинг текширув ўтказиш тўғрисидаги буйруғи ва текширув дастури) нусхаларини тилхат олган ҳолда тақдим қилади, шунингдек, Ахборот тизимига текширувнинг уникал кодини киритиш орқали текширувга доир маълумотларни олиш ҳуқуқини тушунтиради, ушбу Низомнинг 40-банди ўн биринчи хатбошисида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

Тадбиркорлик субъекти ўз сўровига кўра ўтказилаётган текширув ҳақидаги ахборотни Ахборот тизимидан бепул реал вақт режимида Интернет тармоғи орқали ёки қисқа хабар (SMS) кўринишида олиши мумкин .

 

Текширувларни ўтказишда назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг вазифалари

  • текширилаётган тадбиркорлик субъектларига текширув ўтказиш ҳуқуқини берувчи зарур ҳужжатларни (жумладан, хизмат гувоҳномасини) кўрсатиш;
  • тадбиркорлик субъектлари фаолиятига халал бермаслик;
  • тадбиркорлик субъектини текширув мақсади, тадбиркорлик субъектининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари билан таништириш;
  • “Текширувларни рўйхатга олиш китоби”га қонунчиликда белгиланган тартибда текширувлар ҳақидаги ёзувларни киритиш;
  • давлат сири, тижорат ёки бошқа сирлар сақланишини таъминлаш;
  • текширувлар натижаларини далолатнома билан расмийлаштириб, унинг бир нусхасини текширув тугаган куни текширилаётган тадбиркорлик субъектида қолдириш;
  • текширув натижаларини Ахборот тизимига киритиш;
  • профилактика тадбирларини ўтказиш ;

Шунингдек, сайёр  солиқ текширувини ўтказишда солиқ органлари мансабдор шахсларининг қуйидаги мажбуриятлари мавжуд:

  • солиқ текширувини тайинлаш тўғрисидаги буйруқнинг 1 нусхасини солиқ тўловчига тақдим этиши;
  • ўтказилган солиқ текшируви натижалари бўйича солиқ текшируви далолатномасини тузиш ва 1 нусхасини солиқ тўловчига тақдим этиш;
  • ўтказилган солиқ текширувларининг натижалари текширув тамомлангандан кейин 3 кун ичида Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимига киритилишини таъминлаш .

Лекин, солиқ органи мансабдор шахси томонидан текширув бошланишидан олдин МЧЖда текширув ўтказиш тўғрисида буйруқ ва текширув дастури нусхаси, ваколатли орган текширув ҳақида хабардор этилганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхалари жамият раҳбарига (раҳбар вазифасини бажарувчи шахсга) тақдим қилинмаган ва тилхат олинмаган.

 

Сайёр солиқ текшируви натижаларини расмийлаштириш

Сайёр солиқ текшируви далолатномаси 2 нусхада тузилади ва солиқ органи мансабдор шахслари ҳамда солиқ тўловчи томонидан имзоланади.

Сайёр солиқ текшируви далолатномасининг 1 нусхаси солиқ тўловчига далолатнома билан танишиб чиқиб, уни олганлиги ва санаси кўрсатилган имзоси орқали топширилади.

Сайёр солиқ текшируви доирасидаги ҳаракатлар амалга оширилганлигини тасдиқловчи далолатнома ва бошқа ҳужжатлар планшет ёки компьютер техникаси ёрдамида электрон рақамли имзодан (бармоқ изи ёки график имзо) фойдаланган ҳолда электрон шаклда тузилиши мумкин.

Агар электрон шаклдаги солиқ текшируви ҳужжатларида махсус QR-код мавжуд бўлса, бу ҳужжатлар қоғоз шаклидаги ҳужжатларга тенглаштирилади.

Электрон шаклда тузилган далолатнома текшириш кунидан кечиктирмай солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали солиқ тўловчига юборилади. Агар солиқ тўловчи шахсий кабинетининг ҳолати фаол бўлмаган тақдирда, далолатнома қоғоз кўринишида почта орқали юборилади .

 

Назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг жавобгарлиги

Назорат қилувчи органлар текширув ўтказишни ташкил этиш ва расмийлаштиришда қуйидагилар бўйича жавобгар ҳисобланади:

  • раҳбарлари текширув ўтказишни келишиш ёки ваколатли органни текширув ўтказиш тўғрисида хабардор этиш учун тақдим этилган маълумотларнинг ишончлилиги ва тўлиқлиги ҳамда текширувларни қонунчиликда белгиланган тартибда Ахборот тизимида рўйхатдан ўтказгандан сўнг амалга оширилиши учун;
  • мансабдор шахслар ўз ваколатлари ва назорат соҳасидан ташқари масалалар бўйича ҳар қандай текширув ўтказилмаслиги ҳамда текширувларни қонунчиликда белгиланган тартибда Ахборот тизимида рўйхатдан ўтказгандан сўнг амалга оширилиши, шунингдек, ўтказилган текширувлар бўйича зарур ҳужжатларнинг ўз вақтида Ахборот тизимига киритилиши учун жавобгардир .

Ўтказилган текширув натижалари бўйича тузилган далолатнома, қайд этилган қонунбузилиш ҳолатлари ва текширув ўтказиш ҳақида тадбиркорлик субъекти хабардор этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (почта квитанцияси ва электрон ахборот тизимларининг маълумотлари) текширув якунлангандан сўнг 3 иш куни ичида, тадбиркорлик субъектига нисбатан қўлланилган таъсир чоралари тўғрисидаги маълумотлар (ёзма кўрсатма, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома, жарималарни қўллаш тўғрисида қарорлар ва суд қарорлари) мазкур чоралар қўлланилгандан сўнг 1 иш кунидан кечиктирилмасдан назорат қилувчи органлар томонидан Ахборот тизимига киритилиши лозим .

МЧЖда текширув натижалари бўйича тузилган якуний далолатномалар белгиланган муддатларда Ягона давлат назорати тизимига киритилмаган ва текшириш тартиби бузилган.

Эътибор беринг
Текширувларни рўйхатга олиш китобининг электрон шакли мажбурий тартибда тўлдирилади .

 

Текширувларни рўйхатга олиш китобига текширишлар ҳақидаги ёзувларни киритиш

Назорат қилувчи органнинг мансабдор шахси текшириш бошланишидан олдин тадбиркорлик субъектининг раҳбарини текшириш мақсади, шартлари билан таништириши ҳамда қонунчиликда белгиланган ҳужжатларни тақдим этишдан ташқари Текширувларни рўйхатга олиш китобининг тегишли бўлинмаларига ёзувлар киритиши лозим .

Шундай тартиб белгиланган бўлсада, солиқ органи ходими томонидан МЧЖда текширув ўтказиш ҳақидаги буйруғи текшириш бошланишидан олдин Текширувларни рўйхатга олиш китобининг тегишли бўлинмаларига ёзувлар киритилмаган ва тадбиркорлик субъекти фаолиятини текшириш тартиби бузилган.

 

Назорат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлиги

Назорат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг мансабдор шахслари томонидан “Текширувларни рўйхатга олиш китобини тўлдириш тартиби тўғрисида” Низом талабларига риоя этмаслик ҳолати тадбиркорлик субъекти фаолиятини текшириш тартибини бузиш деб баҳоланади .

Эътибор беринг
Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишнинг ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилишнинг белгиланган тартибини бузиш, худди шунингдек тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қонунга хилоф равишда текшириш ташаббуси билан чиқиш ва (ёки) ўтказиш мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг (1 БҲМ - 330.000 сўм)  қирқ бараваридан (13,2 млн сўм) саксон бараваригача (26,4 млн сўм) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади .

 

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва унинг девони ходимларига ўз ваколати доирасида маъмурий жавобгарликни келтириб чиқарадиган қонунларнинг бузилиши ҳолатлари юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар тузиш ҳуқуқи берилган .

Мазкур қонунбузилиш ҳолатлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2412-моддаси асосида солиқ органининг 5 нафар ходимининг 52 млн сўм миқдорида жаримага тортилишига сабаб бўлди.

 

Гулжамол Шукурова,
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний
манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил матбуот котиби

Мирзохид Камилов,
“Норма” эксперти